Тошкентда бензин сотиш билан боғлиқ жиноят фош бўлди
Фирибгарлар тадбиркорга арзон нархда ёнилғи олиб беришни ваъда қилиб, унинг 1,4 млрд пулини ўзлаштириб юборган.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида тадбиркорга “Аi-80” маркали ёқилғини арзон нархларда олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Уна фуқаро Ж.Н. ва бошқалар “E” МЧЖ раҳбари Н.нинг ишончига кириб, унга арзон нархларда “Аi-80” маркали бензин ёқилғисини олиб беришни ваъда қилгани ва тадбиркорнинг 1,4 млрд сўмини “A.I.” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб олишига эришиб, фирибгарлик йўли билан ўзлаштиргани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








