Биз миллиардлаб доллар сарфлаган авиабазани Хитой эгаллаб олади — Трамп
Дональд Трамп яна Пекинга "тош отди".

Хитой яқин орада Афғонистондаги Баграм авиабазасини эгаллаши мумкин. Бу ҳақда АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп маълум қилди.
"Биз ҳарбий контингент сонини 2 мингга қисқартирдик, аммо мен Баграмни сақлаб қолмоқчи эдим. Бу жуда яхши авиабаза, биз унга миллиардлаб доллар сарфладик, уни Афғонистон учун сақлаб бердик. У Хитой ядро қуроли тайёрлайдиган жойга бир соатлик масофада жойлашгани учун сақлаган эдик. Аммо бир кечада барчасини ташлаб кетдик", — деган у.
Собиқ президентнинг қўшимча қилишича, Хитой ҳали Баграмни эгалламаган бўлса, буни тез орада амалга оширади.
Аввалроқ Афғонистон аҳолисининг 55 фоизи очликдан азият чекаётгани тўғрисида хабар берилганди.







