ЖДПИ бўлим бошлиғи пора билан қўлга тушди
У талабанинг ўқишини кўчириб бериш эвазига 2,5 минг доллар сўраган.

Жиззах шаҳрида ўқишни кўчириб беришни ваъда қилган институт бўлим бошлиғи ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Маълум қилинишича, Департамент ва ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Жиззах давлат педагогика институти бўлим бошлиғи Б.И. фуқаро В.нинг Тошкент шаҳридаги “Y.T.” университетининг “Мактабгача таълим” йўналишидаги ўқишини танишлари ёрдамида институтнинг ушбу йўналишдаги факультетига кўчириб бериш эвазига 2500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








