Бўстонликда дарахтлар ноқонуний кесиб, олиб кетилаётгани айтилди
Ижтимоий тармоқда тарқалган суратга расмий изоҳ берилди.

Ижтимоий тармоқда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудида юк ташувчи машинада кесилган дарахтлар олиб кетилаётгани акс этган сурат тарқалди. Ҳолатга вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, юк машинасида олиб кетилаётган дарахтлар “Чимён” МФЙ Тегирмонсой маҳалласида жойлашган хонадонга қарашли ер майдонидан кесилганлиги аниқланган. Дарахтлар уй эгаси томонидан ўз эҳтиёжлари учун экилган ва улар пишиб етилган 10 туп терак дарахтлари бўлган.
Ҳолат юзасидан хонадон эгаси ва “Чимён” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар ўрмон ва ўрмон фондига кирмайдиган ерларда ноқонуний равишда дарахт ва буталарни кесиш, шикастлантириш белгиланган тартибда жаримага тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.








