Самарқандда туристлар автобуси ҳалокатга учради
Оқибатда бир киши вафот этган. Руминия фуқароси шифохонага ётқизилган.

Самарқанд вилояти Иштихон туманида туристлар автобуси юк машинаси билан тўқнашди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 22 май куни соат 01:00 атрофида М-37 Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши халқаро автомобиль йўлининг туман ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган. Бухоро–Самарқанд йўналишида хорижлик сайёҳларни олиб кетаётган автобус “Камаз” юк машинасининг ортидан бориб урган ва йўл четидаги тўсиққа урилган.
Оқибатда автобус ҳайдовчисининг шериги оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Шу билан бирга, автобусда бўлган Руминия фуқароси тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган. Дастлабки суриштирувга кўра, сайёҳларни автобуси ҳайдовчиси бошқарув пайтида ухлаб қолган.
Бундан олдин Жиззах вилоятида Нексия ҳайдовчиси йўлда ухлаб қолиб, автоҳалокатга учрагани ва воқеа жойида ҳалок бўлгани хабар қилинганди.








