Сурхондарёда қадимий будда ҳайкали топилди
Аввалроқ Сариосиёдан Мирзо Улуғбек даврига тегишли от ҳайкалча топилганди.

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида будда тасвири туширилган терракота ҳайкали топилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳайкалча туманнинг Шаҳриобод маҳалласи Ҳурватан қишлоғида яшовчи фуқаро томонидан топилган. Унда будданинг ўтирган ҳолати тасвирланган.
“Ҳозирда ёдгорлик “Термиз” давлат музей-қўриқхонасига топширилмоқда”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун: Сурхондарё воҳаси, хусусан Термиз шаҳри милодий 1-3 асрларда буддизм маркази сифатида танилган. Бу ҳақда Хитойнинг тарихий манбалари ҳам гувоҳлик беради. Эски Термиз ҳудудидаги буддавийлик ибодатхоналари ва ундан топилган будда ҳайкаллари шулар жумласидандир.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Тўпаланг дарёси ўнг қирғоғидан бронза қуйма услубда ясалган от ҳайкалча топилганди.
Жавоҳирбек ТУРСУНОВ








