Атамбаевга Ўш фожиаси бўйича айблов эълон қилинди
Бу ҳақда унинг адвокати Сергей Слесарев матбуотга маълум қилган.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга 2010 йил июнь воқеалари бўйича жиноий иш доирасида айблов эълон қилинди.
2011-2017 йилларда Қирғизистонга раҳбарлик қилган А.Атамбаев лавозимдан кетгач, унга нисбатан бир қатор моддалар бўйича жиноий иш қўзғатилган. Жумладан, у 2020 йилда жиноий авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилиш билан боғлиқ коррупция иши бўйича 11 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилган.
Эндиликда собиқ президент тартибсизликлар пайти мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, аниқроғи, фожианинг олдини олиш учун керакли даражада ҳаракат қилмаганликда айбланмоқда.
2010 йил 10 июнь куни Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида қирғиз ва ўзбек этник гуруҳлари ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан эди. Расмий маълумотларга кўра, этник зиддиятда 442 киши вафот этган, бироқ ОАВ қурбонлар бундан бир неча баравар кўпроқ бўлган деб ҳисоблайди. Фожиа содир бўлган кунларда Ўзбекистон Қирғизистондан 100 мингга яқин қочқинни қабул қилган.
Ўша кезларда Қирғизистонни Роза Отунбаева раҳбарлигидаги муваққат ҳукумат идора этган. А.Атамбаев муваққат ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
2010 йил июнь воқеалари бўйича жиноят иш тергови Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров топшириғига биноан 2021 йил апрелда тикланган. Қайта тергов доирасида муваққат ҳукумат амалдорларига нисбатан иш қўзғатилган.







