Хивада “Баҳодирлар ўйини” турнирига старт берилмоқда
4–5 июнь кунлари ўтказиладиган халқаро мусобоқада 15 та давлатдан спортчилар қатнашади.

Жорий йилнинг 4-5 июнь кунлари Хива шаҳрида “Pakhlavon Mahmud — Strongmen Games” II Халқаро турнири бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Янги Ўзбекистон” нашри хабар қилди.
Хабарда айтилишича, мусобақада Ўзбекистондан ташқари Япония, Россия, Бразилия, Италия, Янги Зеландия, Испания, Франция, Исландия, Эрон, Ҳиндистон, Польша, Тожикистон, Озарбайжон ҳамда Қозоғистон давлатларидан спортчилар ва ҳакамлар иштирок этади.
Ушбу халқаро турнир Ўзбекистон Республикаси Туризм ва Маданий мерос вазирлиги, Бутунжаҳон Баҳодирлар ўйини федерацияси ва Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Мазкур тадбирнинг ўтказилиши спорт туризмини ривожлантириш, нуфузини ошириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшларнинг туризмга қизиқишини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Халқаро турнир Марказий Осиё мамлакатлари, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон ва Ҳиндистонда енгилмас қаҳрамон, машҳур педагог, файласуф, сўфий олим бўлган ўзбек халқининг буюк фарзанди Пахлавон Маҳмуд хотирасига бағишланади.
Эслатиб ўтамиз, “Pakhlavon Mahmud — Strongmen Games” спорт орқали исломий зиёрат туризмини тарғиб қилувчи дунёдаги ягона халқаро турнир ҳисобланади.
Биринчи «Баҳодирлар ўйинлари»ни ташкил этилиши спорт туризми йўналишида халқаро алоқаларнинг ривожлантириш, жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг имиджини янада мустахкамлаш, танитиш ва туризм салоҳиятини тарғиб қилишга хизмат қилган эди.








