Сардор Умурзаков Сергей Лавров билан учрашди
Учрашувда Ўзбекистон–Россия муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Жорий йилнинг 3–4 июнь кунлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Россиянинг Москва шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Икки кунлик ташриф давомида Россия Федерациясининг бир қатор расмийлари, хусусан, Ҳукумат Раисининг ўринбосари Алексей Оверчук, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан учрашувлар бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада ривожлантиришнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинган.
Ҳусусан, инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, транспорт ва логистика ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштиришнинг амалий механизмлари бўйича муштарак позициялар ишлаб чиқилган.
Учрашув якунида томонларни қизиқтирган масалаларни ҳал қилишга қаратилган навбатдаги тадбирлар бўйича таклифлар алмашилган ҳамда ўзаро муносабатларнинг кўриб чиқилган барча йўналишларига доир амалий ҳамкорлик қилиш йўллари тўғрисида келишиб олинган.








