ЮНИСЕФ Ўзбекистонга 2 мингдан ортиқ компьютер юборди
Уларнинг қиймати 1,5 млн АҚШ долларини ташкил қилади.

ЮНИСЕФ томонидан Ўзбекистонда миллий иммунизация тизимини ривожлантириш учун 2150 та компьютер жамланмаси тақдим қилинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, жорий йилнинг март ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ томонидан 2022-2025 йилларга мўлжалланган 102,5 миллион АҚШ долларилик “Йўл харитаси” имзоланган.
Тақдим этилган компьютер воситаларининг умумий қиймати 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Мазкур маблағ Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянси (ГАВИ) томонидан соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш доирасида ажратилган.
Компьютерлар Ўзбекистонда самарали вакцина ва иммунизация бошқарувини мустаҳкамлаш, бирламчи тиббиёт муассасаларида соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришнинг функционал ахборот тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.
Таъкидланишича, мазкур жиҳозлар мамлакатдаги мавжуд барча эмлаш пунктлари ва бирламчи тиббиёт муассасаларига етказиб берилади.








