Ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабага Спарк берилди
Бухорода институт декани “перевод” учун 12 минг доллар олиб, еб юборди. Шундан сўнг “ишни ёпиш” мақсадида пул берган фуқарога машина таклиф қилинган.

Бухоро вилоятида фуқаронинг ўқишини кўчиртириб беришни ваъда қилган фирибгарлар аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураши департаменти.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Аниқланишича, фуқаролар Н. ва Ф. Бухоро давлат тиббиёт институти декан ўринбосари Р. Р. билан олдиндан тил бириктириб, фуқаро М. нинг Қозоғистон Республикасида ўқийдиган ўғли Р. нинг ўқишини тиббиёт институтига кўчириб бериш эвазига 12 минг АҚШ долларини олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Текширув давомида Р. Р. ва Ф. лар фуқаро М.дан олган 12 минг АҚШ доллари эвазига Ф. нинг бошқарувидаги “Spark” русумли автомашинани Бухоро шаҳридаги “Шайх” ресторани олдида М. га топширган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







