Мексикада “Агата” тўфони тинмаяпти
Шу кунга қадар 19 киши табиий офат қурбонига айланди.

Мексиканинг Оахака штатида “Агата” тўфони туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди. Табиий офат 29 майдан буён давом этмоқда.
Штат фуқаро ҳимояси бошқармасида 25 туманда фавқулодда вазият эълон қилинган. Оахака губернатори Алехандро Муратнинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳодиса оқибатида 9 киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, олти нафар бедарак йўқолганлар қидирилмоқда.
Мексикада “Агата” қурбонлари жами 19 нафарга етди. Давлат раҳбари Андрес Мануэль Лопес Обрадор табиий офатдан зарар кўрганларга ёрдам берилишини эълон қилган.
Бундан олдин ҳукумат Оахака ва Чиапас штатларидаги 294 шаҳрида хавфнинг “сариқ” даражасини жорий этганди.
“Агата” соатига 140-170 километр тезликда ҳаракат қилмоқда.
Аввалроқ Бразилияда табиий офат қурбонлари сони ошгани тўғрисида хабар берилганди.







