Самарқандда Зил автомобили ёниб кетди
Бу жорий ҳафтада вилоятда рўй берган 4-ёнғин.

Кеча, 9 июнь куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида “Зил” автомашинаси ёниб кетди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, шу куни соат 10:02 да “Гулистон” МФЙ Увайсий кўчасида Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи фуқаро Х. Ж. бошқарувидаги “Зил” русумли юк автомашинаси ва унга юкланган сомон тойларида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 10:11 да етиб бориб, ёнғин соат 10:15 да қуршаб олинган ва соат 10:50 да бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда терговга қадар текширив ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафтада Самарқанд вилоятида ёнғин билан боғлиқ кетма-кет 4 та ҳолат қайд этилди. Хусусан, 7 июнь куни Самарқанд шаҳридаги 2 та МЧЖ биносида, 8 июнь куни Оқдарё туманидаги “Қанғли” қабристонида ва 9 июнь куни худди шу тумандаги савдо дўконларида ёнғин чиққанди. Бундан ташқари, 5 июнь куни Нарпай туманидаги деҳқон бозорида ҳам йирик ёнғин содир бўлган.
Жавоҳирбек ТУРСУНОВ







