Эртага Тошкентнинг бир қатор кўчалари автомобиллар ҳаракати учун ёпилади
Шаҳар ҳокимлиги чеклов сабаби ҳамда вақтини маълум қилди.

12 июнь — “Бутунжаҳон велосипед куни” муносабати билан эртага Тошкентнинг марказий кўчалари бўйлаб веломарафон ўтказилади. Шу муносабат билан бир неча кўчаларда соат 8:00 дан 11:00 гача автомобиллар ҳаракати чекланади.
Улар:
—Кичик халқа йўли ва Шароф Рашидов кўчалари кесишмасидан Шароф Рашидов кўчаси бўйлаб Нукус кўчаси кесишмасигача;
—Шароф Рашидов ва Нукус кўчаси кесишмасидан Нукус кўчаси бўйлаб Истиқбол кўчаси кесишмасигача;
—Истиқбол, Нукус ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишмасидан Абдулла Қодирий кўчаси бўйлаб Шароф Рашидов кўчаси кесишмасигача.
“Ноқулайликлар учун узр сўраймиз”, — дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матубот хизмати хабарида.
Ушбу веломарафонда барча хоҳловчилар иштирок этиши мумкин. Ўз велосипедига эга бўлмаганлар учун ижара пунктлари ташкил этилади.







