Бухоро шаҳрида ичимлик суви таъминоти тўхтаб қолди
Бунга марказий сув қувурида носозлик юзага келгани сабаб бўлган.

11 июнь куни Бухоро шаҳри Пиридастгир кўчасидан ўтувчи марказий ичимлик суви қувурида носозлик юзага келгани туфайли шаҳар аҳолисининг ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойга бориб, жараён билан шахсан танишган. Айни пайтда таъмирлаш ишлари давом этмоқда, шиша толали ҳобусни диаметри 700 мм бўлган пўлат қувурга алмаштириш режалаштирилган.
“Ишларни жадаллаштириш, шаҳарда сув таъминотини тиклаш бўйича мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди”, — дейилади хабарда.







