АҚШ Украинага етказиб берилган ёрдам “нотўғри қўллар”га тушиши мумкинлигидан хавотирда
Бир қатор амалдорлар бунинг эҳтимоли юқори эканини маълум қилган.

АҚШ ва НАТОнинг зарур назоратисиз Украинага етказиб берилаётган ёрдам нотўғри мақсадларда ишлатиши мумкин. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси собиқ ва амалдаги АҚШ олий мартабали амалдорларига таяниб хабар берди.
Хусусан, Афғонистонни тиклаш масаласи бўйича АҚШ ҳукумати бош инспектори Жон Сопко “ўғриликлар муқаррар”лиги тўғрисида гапирган.
“Нотўғри фойдаланиш ва ён босишлардан қочиб-қутулиш мумкин эмас. Аҳмоқона қарорлар бўлиши аниқ. Орадан икки йил ўтиб биз ўғрилик ва суистеъмолликлар ҳақида хабар топамиз”, – деган Сопко.
Пентагон собиқ ходими Марк Кэнсианнинг сўзларига кўра, Украина ҳарбий можарогача коррупция масаласида танқидларга учраган ва бу иллат ҳамон йўқолгани йўқ.
“Агар Украина олигархлари Америка солиқ тўловчилари ҳисобига яхталарда сузса, бу АҚШ қонун чиқарувчи ҳокимияти учун катта зарба бўлади”, – деб таъкидлаган у.
Шу билан бирга газета маълумотларига кўра, ҳозирча Киев томонидан Ғарб кўрсатган ёрдамдан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари кузатилмаган. Аммо НАТО ва Вашингтон томонидан унинг тақсимоти тўғри назорат қилинмас экан, “бунинг содир бўлиши фақат вақт масаласига айланади”.
Аввалроқ Интерпол Украинага етказиб берилаётган қуроллар қора бозорга ўтиши хавфи борлигини маълум қилганди.







