Тошкент давлат аграр университетининг собиқ ректори қамалди
“Ҳозир дастлабки тергов жараёни кетяпти. Балки, молиявий хатоликлар бўлгандир, балки, қабул билан боғлиқ ҳолатлар бўлиши мумкин”, — деди Абдуқодир Тошқулов.

Тошкент давлат аграр университетининг собиқ ректори Ботиржон Сулаймонов ҳибсга олингани маълум бўлди. Бу ҳақда бугун, 16 июнь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов айтиб ўтди.
Таъкидланишича, ҳозирда университетга Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ректорлик қилмоқда.
“Аграр университети Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфида. Бу университетга ҳозир Қишлоқ хўжалиги вазири ректор сифатида фаолият кўрсатяпти. У ерда жуда катта аттестация ўтказилди. Жуда кўп ўқитувчилар ишдан бўшатилди. Ботир Сулаймонов ишига келсак, тергов жараёни кетаётгани учун мен бир нарса айта олмайман. Энг муҳими, эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган. Ҳозир дастлабки тергов жараёни кетяпти. Балки молиявий хатоликлар бўлгандир, балки қабул билан боғлиқ ҳолатлар бўлиши мумкин. Баъзи олий таълим муассасаларини текширганимизда шунақа хатоликлар чиқяптики, супер контрактда ўқиши керак бўлган бола оддий контракт билан ўқиши ҳолатлари кузатилмоқда. Менда ректор билан ҳам шунга ўхшаш текшириш чиқди, деган қараш бор. Аммо тергов тугагунча бирор нарса айта олмаймиз. Хатоликлар бўлмаганда ректорга нисбатан бунақа катта иш очилмасди”, – дея маълумот берган вазир.








