Тошкентда жамоат транспорти етиб бормаган маҳаллаларга автобус йўналишлари очилади
Биринчи йўналиш июль ойидан йўлга қўйилади.

Пойтахтда жамоат транспорти етиб бормаган 26 та маҳаллага қўшимча 12 та автобус йўналишлари очилади ҳамда метрополитен йўналишлари билан боғланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Улардан илк автобус йўналиш ҳаракати жорий йилнинг июль ойидан йўлга қўйилиб, Юнусобод туманининг жамоат транспорти етиб бормаган Тикланиш, Ҳасанбой ва Ҳамкоробод маҳаллалари орқали Ҳолис, Нурмакон, Юқори Қорақамиш, Мойқўрғон, Ахмад Дониш кўчаларидан Юнусобод метросигача ҳаракатланади.
Янги ташкил этиладиган йўналишда 3 та автобус ҳаракатланиб, уларнинг оралиқ интервали 12-13 дақиқадан иборат бўлади.







