Россия нефти Осиёдан бошқа рақобатчиларни “суриб чиқармоқда”
Бунга Москва тақдим этаётган катта чегирмалар сабаб бўлган.

Катта чегирмалар туфайли Осиё давлатлари Россия энергетик ресурсларини афзал кўрмоқда. Бу эса Ироқнинг бозордаги позицияларини заифлашувига олиб келди.
Bloomberg маълумотларига кўра, Ироқ нефтининг анъанавий харидорлари бўлган Хитой ва Ҳиндистон РФдан “қора олтин” сотиб олишни кўпайтирган.
“Бағдоднинг ушбу турдаги нефтини сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланадиган трейдерларнинг сўзларига кўра, шу пайтга қадар Ироқнинг Basrah Medium ва Basrah Heavy нефтининг спот харидлари амалга оширилмаган. Бундан ташқари, бу йил сланец нефтининг тендерлари ўтказилмаган”, – дейилади Bloomberg мақоласида.
Агентликнинг қўшимча қилишича, ҳозирги вақтда Ироқ ўз маҳсулотлари жозибадорлигини ошириш мақсадида импортёр давлатларга чегирмалар жорий қилиш устида иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, Ироқнинг нефть бозоридаги позицияларни йўқотишига унинг “қора олтини”нинг табиий хусусиятлари сабаб бўлган: ундан бензин ёки дизель олиш Россия нефтига қараганда мураккаброқ.
Бағдод Ҳиндистонга энг кўп нефть етказиб берадиган давлат мақомини сақлаб қолган бўлса-да, Москва ҳам бу йўналишга экспортини кескин оширган (Масалан, апрель ойида суткасига 277 минг баррель нефть сотилган бўлса, майда бу кўрсаткич 819 минг баррелга етди). Бу Россияни Ҳиндистонга нефть етказиб берувчи давлатлар рўйхатида иккинчи ўринга чиқишига олиб келди. Хитойга эса экспорт йиллик кўрсаткичда 55 фоизга ошган ва май охирида хомашё етказиб бериш рекорд даражага етди. Натижада Москва Саудия Арабистонидан ўзиб кетиб, хитойликларга “қора олтин” етказиб беришда биринчи ўринни эгаллади.
Аввалроқ Россия нефть ва газдан рекорд миқдорда даромад олаётгани тўғрисида хабар берилганди.







