Янгийўлда юк машинаси автобус билан тўқнашиб кетди
Ҳодиса оқибатида 1 киши ҳалок бўлган. Яна бир йўловчи жонлантириш бўлимида.

Бугун, 26 июнь куни Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида иккита автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳодиса соат 07:00 атрофида Чиноз–Тошкент йўналишида содир бўлган. 1997 йилда туғилган ҳайдовчи А. С. “Isuzu” русумли юк машинасини бошқариб бораётиб, шу йўлнинг 825-қилометрига (Янгийўл тумани ҳудуди) етганида ўзига нисбатан бир йўналишда олдинда ҳаракатланиб кетаётган, 1963 йилда туғилган ҳайдовчи А.Ч. нинг бошқарувидаги “Isuzu” русумли автобуснинг орқа қисмига бориб урилган.
Ҳодиса оқибатида 1983 йилда туғилган автобус йўловчиси Ф. О. (аёл) олган тан жароҳати сабабли воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, 2000 йилда туғилган юк машина йўловчиси Б. С. тан жароҳати билан жонлантириш бўлимига ётқизилган. Автобусдаги бошқа йўловчиларга ҳам биринчи ёрдам кўрсатилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲга юк машина ҳайдовчисинининг ухлаб қолиши сабаб бўлган деб тахмин қилинмоқда. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








