Жиззахда 2 та дўкон ёниб кетди
Оқибатда дўконларнинг 56 квадрат метр қисми ёниб зарарланган.

Бугун, 27 июнь куни Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги дўконларда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, соат 14:45 ларда Дўстлик тумани Дўстлик кўчасида жойлашган деҳқон бозори ҳудудида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида Жиззах вилояти ФВБга хабар келиб тушган.
“Зудлик билан ҳодиса жойига ёнғин-қутқарув бўлинмалари юборилди. Қутқарувчилар ёнғин жойига соат 14:48 да етиб боришди. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида қисқа муддатда ёнғин тарқалишининг олди олиниб, соат 15:23 да ёнғинни батамом ўчиришга эришилди”, — дейилади хабарда.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Иккита дўконнинг 56 квадрат метр қисми ёниб зарарланган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидаги бозорда йирик ёнғин юз берганди. Оқибатда 3 та озиқ-овқат дўконининг тахминан 70 квадрат метр майдонида шифт, том қисми ва озиқ-овқат маҳсулотлари ёниб, зарарланган.








