Бугун ҳайдовчилар кутган қарорни имзоладим—Шавкат Мирзиёев
Президент видеоселекторда “тонировка” масаласига тўхталди.

Бугун, 28 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда пахтани чуқур қайта ишлаш асосида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Унда Давлат раҳбари “тонировка” масаласига тўхталиб ўтди.
“Ҳар бир ислоҳотимиз, таклиф ва ташаббусларимиз, бу – энг аввало инсон қадри учун.
Шу боис, халқимизга қандай енгилликлар берсак, у биздан рози бўлади, деган савол барча раҳбарларни ҳар куни, ҳар дақиқа ўйлантириши керак.
Ҳар гал жойларга чиққанимда оддий-оддий одамлар билан учрашиб, муаммоларини эшитаман, яна қанча аҳолимизда шундай муаммолар борлиги ҳақида ўйлайман ва унга ечим қидираман.
Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган масалалардан ҳам хабардорман.
Мана, бугунги кунда мамлакатимизда енгил автомашиналар сони 3,5 миллиондан ошди. Ҳайдовчиларимизда ҳам кўплаб эътирозлар тўпланиб қолган.
Шу боис, бугун ҳайдовчилар ва йўловчилар анчадан бери кутган, уларнинг кайфиятини кўтарадиган қарорни имзоладим”, — деди Президент.
Бироз аввал айрим манбаларда Ўзбекистонда транспорт воситалари ойналарини тонировка қилиш нархи тушиши кутилаётгани хабар берилган эди. Лойиҳага кўра:
➖орқа ва олд ойна тонировкаси — БҲМнинг 15 баравари миқдорида (4,5 млн сўм);
➖орқа ён ойналар тонировкаси — БҲМнинг 1 баравари миқдорида (300 минг сўм) белгиланиши кутилмоқда.








