Қашқадарёда иссиқ сабаб автомашина ёниб кетгани айтилди
ФВБ хабарига кўра, автомобил ҳаракатланаётган вақтида тўсатдан ёнғин чиққан.

Ижтимоий тарқмоқда Қарши–Самарқанд йўлида иссиқ туфайли автомашина ёниб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳодиса бугун, 29 июнь куни Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани Бегламиш маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4P87 автомобиль йўлида содир бўлган. Бу ҳақда фуқаролар томонидан туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига соат 14:38 ларда хабар берилган.
Хабарга кўра, қутқарув хизматидан 1 та бўлинма воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни соат тахминан 15.05 ларда тўлиқ бартараф этган.
“Автомобиль ҳаракатланаётган бўлган ва тўсатдан ёнғин чиққан, автомобилда бирламчи ёнғин ўчириш воситаси (огнетушитель) бўлмаганлиги учун ёнғинни дастлаб ҳолатидаёқ ўчиролмаган”, — дейилади хабарда.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Автомашининг тўлиқ қисми ёниб зарарланган. Ҳозирда моддий зарар миқдори аниқланмоқда.








