Ғузорлик бемор болага Президент мактуб ёзди
Давлат раҳбари ўз хатида унинг тезроқ тузалиб кетишини тилаган.

6 ойдан буён Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган ва қисқа муддатга уйига қайтган 8 ёшли ғузорлик Арслонбек Жўраевга Президентдан хат келди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбарининг мактубини Арслонбекнинг оила аъзоларига вилоят ҳокими ўқиб эшиттирган. Бундан ташқари, Президент номидан эсталик совғалари, китоблар тўплами, турли ўйинчоқлар ва 10 миллион сўм қўшимча дори-дармонлар тақдим этилган.
“Президентимизнинг мактубидан кейин ҳуддики Арслонжоним тўлиқ даво топгандек, мен эса ёшариб кетгандек қувончдан йиғлаб юбордим. Юрт отаси ўз фарзандидек “Арслонжон, ўғлим” дея набирамга хат йўллагани бизни 6 ой давомидаги азобларимизни тарқатиб юборди”, — дейди боланинг момоси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига ташриф буюриб, у ерда даволанаётган болаларнинг давлат раҳбарига йўллаган мактубларини олган.
“Ҳаммасини ўқиб, албатта, жавоб бераман”, — деган эди Президент ўшанда.
Арслонжон Президент билан учрашувда келажакда шифокор бўлишини, дунёда бемор болалар қолмаслиги унинг энг катта орзуси эканини айтганди.








