Шанхай нормал ҳаётга қайтмоқда
3 ойлик танаффусдан сўнг шаҳарда Диснейленд очилди

Шанхайдаги Диснейленд уч ойлик танаффусдан сўнг 30-июн куни қайта очилди. Бу ҳақда “Sinxua” агентлиги хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу парк коронавирус сабабли ёпилган эди. Шаҳардаги эпидемиологик вазият яхшилангани сабабли унинг ишига яна рухсат берилган.
Кириш жойида ташриф буюрувчилар 72 соатдан кечиктирмай салбий тест натижасини тақдим этишлари, ниқоб тақишлари ва ҳароратни ўлчашлари керак.
Шунингдек, Шанхайда умумий овқатланиш корхоналарида хизмат кўрсатиш аста-секин тикланмоқда.
Эпидемиологик хавф зоналари мавжуд бўлмаган ва ўтган ҳафта давомида бирорта ҳам COVID-19 инфекцияси қайд этилмаган ҳудудларда жойлашган ресторанлар шаҳар ҳокимияти кўрсатмаларига асосан мижозларга бевосита муассасаларда хизмат кўрсатишни бошлашлари мумкин. Бироқ бу умумий овқатланиш шохобчаларининг сиғими максималнинг 50-70 фоизини ташкил қилади. Ташриф буюрувчилар ресторанга киришда “яшил” саломатлик ҚР кодини ва салбий тест натижасини кўрсатиши талаб қилинади.








