Жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган шахсларга қатъий чоралар кўрилади— Шавкат Мирзиёев
Президент халққа мурожаат қилиб, уларни турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этди.

Бугун, 2 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Нукусга ташриф буюриб, Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди.
Унда Давлат рахбари халққа мурожаат қилиб, Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75 моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини маълум қилди ва Нукус шаҳрида ўтказилган намойишлар ҳақида гапирди.
“Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни албатта биргаликда қурамиз! Шу соҳадаги барча ислоҳотларимиз, муҳокамаларимиз, ҳеч шубҳасиз, демократия ва ҳуқуқий мезонлар асосида амалга оширилиши зарур.
Айни вақтда тинчлик ва осойишталик, жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган ҳар қандай шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади.
Ўзбекистонда “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган қоидани амалда таъминлаш учун барча куч ва имкониятлар етарли.
Ҳозирги вазиятда барча юртдошларимизни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этаман.
Мен олижаноб ва бағрикенг қорақалпоқ халқининг ақл-идроки ва донишмандлигига ишонаман", — деди президент сўзининг якунида.








