Қуйи Чирчиқда савдо мажмуаси ёниб кетди
Уни бартараф қилишга 8 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Бугун, 3 июль куни Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида савдо мажмуаси ёниб кетди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, соат 13:22 да Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани Дўстобод шаҳарчаси Бибихоним кўчасида жойлашган савдо мажмуасида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида туман ФВ бўлимига хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 8 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 13:26 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 14:19 да ўраб олинган ва соат 14:32 да ўчирилган.
Дастлабки маълумотларга кўра ёнғин натижасида савдо мажмуасининг тахминан 400 квадрат метр майдони ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.








