Лондон кейинги йил Украинанинг тикланиши масаласида конференция ўтказмоқчи
Аввалроқ шу масала юзасидан Лугано шаҳрида халқаро анжуман бўлиб ўтиши маълум қилинганди.

Буюк Британия 2023 йилда Украинани тиклаш бўйича халқаро конференция ўтказиши мумкин. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик ташқи ишлар вазирлиги маълумот берди.
Унга кўра, Лондон ушбу конференциянинг кузатув кенгашига кириши мумкин. Бундан кўзланган мақсад Украина ва иттифоқдош давлатлар ўртасидаги тиклаш масаласидаги позицияларни мувофиқлаштиришдан иборат. Ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс душанба куни ушбу режаларни эълон қилиши кутилмоқда. Дипломат Украинанинг қайта тикланишини "демократиянинг авторитаризмдан устунлиги рамзи" сифатида баҳолаган.
Аввалроқ Евроиттифоқ Украинага 500 миллиард евро бериши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.







