Қурилиш билан бўлиб, архитектура орқада қолиб кетди—Шавкат Мирзиёев
Президент архитектура соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор ўтказди.

Бугун, 6 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш ва ипотека соҳаларида ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда архитектура йўналишидаги олий таълим муассасаларини трансформация қилиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда сўнгги беш йилда қурилиш соҳаси иқтисодиётимизнинг “драйвер” йўналишига айлангани таъкидланди. Бу даврда 250 минг хонадонли 8 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар, 21 минг сервис-хизмат кўрсатиш ва 10,5 минг ижтимоий соҳа объекти қурилди, 31 минг корхона ташкил этилди. Қурилишда рухсат бериш жараёнлари 17 тадан 6 тагача, ер ажратишдан бошлаб қурилишга рухсат олишгача бўлган муддат 286 кундан 86 кунга қисқарди.
“Шаффоф қурилиш” дастури яратилиб, тендерларда қатнаша оладиган қурилиш корхоналари сони 18 мингга етди. Натижада қурилиш ишлари ҳажми 4 бараварга ошиб, 2021 йилда 107 триллион сўмни, жорий йил 5 ойида эса 46 триллион сўмни ташкил этди.
“Очиқ айтиш керак, тадбиркорларимиз қурилиш қилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ўрганиб олди. Лекин соҳада ҳали ечимини кутаётган энг катта масала, бу – лойиҳалаш ва сифат. Лойиҳаларга тўғри ечим топиш, маҳаллий материалларни ишлатиш орқали қурилиш қиймати ва таннархини бемалол 10 фоизга камайтирса бўлади. Бу ҳар йили 10 триллион сўмни иқтисод қилиб, бошқа эҳтиёжларга ишлатиш мумкин, дегани”,—деб таъкидлади Президент.
Йиғилишда сўнгги беш йилда туман ва шаҳар бош режаларини ишлаб чиқишга 510 миллиард сўм ажратилгани, бироқ бугунги кунда 163 та туман ва шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилиши зарур бўлса-да, 83 та туман ва шаҳарнинг бош режаси ҳалигача якунига етказилмагани танқид қилинди.
Ёки, бош режаси бор ҳудудларда ҳам ер ажратиш ва қурилиш “генплан”га зид равишда амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида республикада 814 та бундай ҳолат аниқланиб, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Фарғона, Хоразм ва Наманган вилоятларида анча юқори.
Бошқа бир мисол, Наманган шаҳрининг 2007 йилда тасдиқланган бош режасида 2035 йилгача аҳоли 630 минг нафарга етиши прогноз қилиниб, ҳисоб-китоблар қилинган. Ваҳоланки, бугунги куннинг ўзида Наманган шаҳри аҳолиси қарийб 1 миллион нафарга етди.
Ёки, “Навоий кон-металлургия комбинати” 2024 йилга қадар янги қувватларни ишга тушириб, 12 мингта янги иш ўрни яратади. Бу келгуси 4 йилда Зарафшон аҳолиси 100 минг нафардан (ҳозирда 84 минг нафар) ошиб кетади, дегани.
Зарафшоннинг бош режасида эса (2008 йилда тасдиқланган), шаҳар аҳолиси 2030 йилга бориб 70 минг нафарга етиши прогноз қилинган.
“Бир сўз билан айтганда, шаҳарларнинг аввал тасдиқланган бош режалари аҳоли ва иқтисодиётнинг бугунги кундаги ўсиш суръатлари, саноат ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси талабларига мос эмас”,—деди Президент.
Хорижий экспертларнинг таҳлилларига кўра, “генплан”лар ишлаб чиқилмаса, 2030 йилга келиб инфратузилма харажатлари 2 бараварга ошади ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари 30 минг гектарга камайиб кетади.
“Умуман, қурилиш билан бўлиб, архитектура орқада қолиб кетди. Шу боис, маҳалла, туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасида қурилиш ва лойиҳалаш ишларини тартибга солиш бўйича янги тизим жорий қилинади”, деди давлат раҳбари.
Ҳудудларнинг бош режалари ва мастер режаларини ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгаши тузилади.
Қурилиш вазирлигида Бош архитектор лавозими жорий қилиниб, унга вазирнинг биринчи ўринбосари мақоми берилади. Шунингдек, туман ва шаҳар қурилиш бўлимига архитектор раҳбарлик қилади ва ҳудуднинг бош архитектори бўлади.
Республика кенгашига Қурилиш вазирлиги Бош архитектори ва Иқтисодий тараққиёт вазирлиги биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади. Вилоятларда лойиҳа офислари очилиб, уларга ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва вилоят бош архитектори бош-қош бўлади.
Бош ва мастер режаларни ишлаб чиқиш янгича ёндашув асосида 3 та босқичдан иборат бўлади.Биринчи босқичда Республика кенгаши ҳудуднинг ихтисослашуви, транспорт-логистика, саноат ва хизмат лойиҳаларини жойлаштириш учун ер ва инфратузилмага эҳтиёжи ва чегараларини белгилайдиган Бош схемасини ишлаб чиқади.
Бунда яқин (5 йиллик), ўрта (10 йиллик) ва узоқ (20 йиллик) муддатларда иқтисодий, ижтимоий ва экологик мезонлар асосида вилоятнинг ривожланиш кўрсаткичлари белгиланади.








