Шавкат Мирзиёев Назарбоевни таваллуд куни билан табриклади
Телефон мулоқотида, шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Бугун, 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Нурсултон Назарбоевни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар тилади.
Мулоқот чоғида кейинги йилларда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари юқори суръат билан ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Қозоғистоннинг биринчи Президенти Ўзбекистон раҳбарига табрик учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакатдаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар изчил давом эттирилишига ишонч билдирди.
Суҳбат якунида Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев муборак Қурбон ҳайити билан бир-бирини самимий қутлаб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик ва бардавом равнақ тиладилар.








