Янгиер шаҳар ҳокими бетоблик туфайли вафот этди
Вилоят ҳокимлиги унинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Янгиер шаҳар ҳокими Хўжаев Илёр Ахмад ўғли бетоблик туфайли бевақт вафот этди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Илёр Ахмад ўғли 1977 йилда Сирдарё вилоятида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий. 1999 йилда Тошкент давлат аграр университетини, 2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.
Фаолияти давомида Гулистон шаҳар, Боёвут тумани Молия бўлими раҳбари, Гулистон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари каби турли лавозимларда ишлаган.
“Сирдарё вилояти ҳокимлиги жамоаси ўзининг эзгу сўз, эзгу амаллари билан халқимизга беминнат хизмат қилган Хўжаев Илёр Ахмад ўғлининг оила аъзолари ва барча яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради”,—дейилади хабарда.








