Зангиотада фуқаро давлат захирасидаги ерни 200 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлди
У келишилган пулнинг 40 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Зангиота туманида суғориладиган ерни 200 000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган фирибгар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Чилонзор туман бўлими ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Ж. У. Зангиота тумани “Илғор” МФЙ ҳудудидаги 0,5 гектар суғориладиган ер майдонини 200 000 АҚШ долларига сотишини айтиб, тегишли ҳужжатларни туман ер кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериши эвазига олдиндан 40 000 АҚШ долларини фуқаро Х. дан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








