Жиззахлик 2 йигит Спарк ҳайдовчисини ўлдириб, автомашинасини ёқиб юборди
Ҳолат бўйича вилоят ИИБ маълумот берди.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида 36 ёшли эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 4 июль куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида яшаган фуқаронинг жасади Мирзачўл тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан топилган. Ҳолат юзасидан тезкор қидирув ишлари олиб борилиб, 17 ва 18 ёшли икки йигит гумонланувчи сифатида қўлга олинган.
Маълум қилинишича, 1986 йилда туғилган шахс Spark автомашинасида бир нафар йўловчи билан Тошкент–Зангиота йўналиши бўйича ҳаракатланган. Шундан сўнг Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи ПР-8 каналидан тахминан 35 ёшли эркакнинг жасади топилган.
Тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни Пахтакор тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи 2004 йилда туғилган ва Арнасой тумани Чўлқувар маҳалласида яшовчи 2005 йилда туғилган йигитлар содир этгани аниқланган. Улардан далилий ашё сифатида эркаклар бош ва оёқ кийимлари, марҳумга тегишли универсал пичоқ расмийлаштириб олинган.
Суриштирувлар давомида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги автомобиллар ювиш шохобчасида бирга ишлаган йигитлар уйига кетиш мақсададида Тошкент–Жиззах йўналишли таксилари қатнайдагин бекатга келгани аниқланган. Шу пайтда улар Спаркни тўхтатиб, Жиззах шаҳрига олиб бориш учун 200 минг сўм таклиф қилган.
Йўловчилар Сирдарё вилоятидан ўтаётганда SMS-хабарнома орқали ёзишиб, ҳайдовчини ўлдиришга келишиб олади. Машина тўхтаган вақтда улардан бири ҳайдовчини бўғган, шериги эса унинг қўлидан ушлаб турган. Эркакнинг жони чиққанидан сўнг уни орқа ўриндиққа ётқизиб, машинани Мирзачўл тумани ҳудудига бошқариб келишган ва каналга жасадни ташлаб юборишган.
Шундан сўнг гумонланувчилар туман деҳқон бозорига кириб, машина рақамини алмаштириш учун Пахтакор тумани томон ҳаракатланган. Бироқ улар бу ишни қилолмаслигини билиб, машинани ёқиб юборишган. Давлат рақами белгиларини эса кўмиб қўйишган. Мазкур қотиллик юзасидан прокуратура томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан иш қўзғатилган.








