Уч мамлакат фуқароларига Қозоғистонга кириш учун имтиёз берилди
Яна бир давлат фуқаролари учун 72 соатлик визасиз кириш рухсатномаси бекор қилинади.

8 июлдан бошлаб Хитой, Ҳиндистон ва Эрон фуқароларига Қозоғистонга 14 кун муддатга визасиз келишга рухсат берилди.
Бу ҳақда Қозоғистон Миграция қўмитаси ижтимоий тармоқларда маълум қилди. Қўмита хабарига кўра, 8 июлдан буён бу давлатлар учун бир томонлама визасиз режим жорий қилинган. Ҳукуматнинг тегишли қарори 7 июль куни чиқди. Хитой фуқаролари учун 72 соатлик визасиз кириш рухсатномаси бекор қилинади.
Визасиз режим талабларига кўра, Ҳиндистон, Эрон ва Хитой фуқаролари Қозоғистон ҳудудида чегарага киргандан кейин 14 кун давомида эркин ҳаракатланишлари мумкин.
Иш, шахсий, туристик ва бошқа саёҳатларга рухсат берилади.
Қозоғистонда визасиз режимда бўлган умумий вақт ҳар 180 кунлик даврда 42 календар кунидан ошмаслиги керак.
«Чет эл фуқароларига визасиз режимда ҳақ эвазига ишлаш тақиқланади. Бундай ҳолда, қабул қилувчи томон аввало Қозоғистонда ишлаш учун тегишли рухсатнома ва виза расмийлаштириши керак», — дейилади хабарда.







