Фарғонада ўқишга киритиш эвазига 11 минг доллар олган фуқаро ушланди
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Тошлоқ туманида ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Департаментнинг Тошлоқ туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Ш. Н. Қўқон давлат педагогика институти сиртқи бўлими услубчиси Д. А. билан ўзаро тил бириктириб, фуқаро Ш. ни Фарғона давлат университетининг бошланғич таълим факультетига танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 11000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








