АҚШ Эронга янги санкциялар билан таҳдид қилди
Бу дронлар билан боғлиқ.

Россияга дронлар етказиб берган тақдирда АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эронга қарши янги санкциялар жорий этади. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс маълум қилди.
"Биз аллақачон Эроннинг учувчисиз қурилма беришидан хавотир билдирганмиз. Вазиятни кузатишда давом этамиз. Барча санкцияларимиз ўз кучида қолади. Бу йўналишдаги ҳар қандай ҳаракат янги тақиқларга сабаб бўлади", — деган у.
Бундан олдин АҚШ президенти администрацияси Теҳрон Москвага дрон етказиб беришни режалаштириётгани ҳақида маълумот берганди. Жозеф Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан эса бу жараён аллақачон бошланганини айтган.
Аввалроқ Эронда ядро қуроли ишлаб чиқариш учун барча имконият мавжудлиги маълум бўлганди.







