Ўзбекистонда 6 ой ичида 52 киши ёнғиндан ҳалок бўлди
Шунингдек, яна 101 киши тан жароҳати олган.

2022 йилнинг 6 ойи давомида Ўзбекистонда 4465 та ёнғин юз бериб, 52 киши ҳалок бўлди ва 101 киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда ФВВ Назорат ва профилактика бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мавлонбек Досчанов маълум қилди.
6 ой давомида юз берган ёнғинлар 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 525 та (11 фоиз)га, ёнғинларда инсонларнинг ҳалок бўлиш ҳолатлари 9 та (15 фоиз)га, инсонларнинг тан жароҳати олиш ҳолатлари 36 та (26 фоиз)га камайган.
Содир бўлган ёнғинлар ишлаб чиқариш корхоналарида 19 фоизга, ишлаб чиқариш цехларида 11 фоизга, қишлоқ хўжалиги иморатларида 29 фоизга, материалларни очиқ жойда сақлаш жойларида 11 фоизга, маданий-томоша муассасаларида 40 фоизга, маъмурий-жамоат муассасаларида 15 фоизга, аҳоли яшаш жойларида 13 фоизга, қурилаётган иморатлар ва фойдаланилмаётган иморатларда 29 фоизга, бошқа объектларда 24 фоизга, шунингдек, печларни қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши сабабли юз берган ёнғинлар 22 фоизга, очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш оқибатида 28 фоизга, болалар шўхлиги оқибатида 7 фоизга, транспорт воситаларидан фойдаланиш ва тузилиш қоидаларининг бузилишидан 8 фоизга, технологик ҳодисалар оқибатидаги ёнғинлар 3 фоизга камайишига эришилган.
“Бироқ кунларнинг кескин исиб кетиши эвазига фуқаролар томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинмаслиги оқибатида юз бераётган ёнғинлар ташвишли ҳисобланмоқда”, — дейилади хабарда.
Июль ойининг биринчи ўн беш кунлигида ёнғинлар билан боғлиқ вазият фаоллашгани кузатилмоқда. Ушбу даврда содир бўлган ёнғинлар 579 тани ташкил этиб, 95 таси қуриган ўсимликларни ёниши, 397 таси аҳоли турар жойлари ва 87 таси бошқа объектларга тўғри келмоқда.








