Жиззахда Hyundai автомобили бутунлай ёниб кетди
Оқибатда транспорт воситасига 586 млнлик зарар етган.

Бугун, 21 июль куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида енгил автомобиль ёниб кетди. Ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 16:14 да Пахтакор тумани ҳудудида автомашина ёнаётганлиги тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган. Дарҳол ҳодиса жойига қутқарувчилар бўлинмаси юборилган. Қутқарувчилар воқеа жойига соат 16:30 да етиб боришган ва ёнғин 16:40 да бартараф этилган.
1979 йилда туғилган фуқаро Ж. Э. бошқарувида бўлган “HYUNDAI SANTA FE” Пахтакор тумани “Чаманзор” MФЙ ҳудудидан ўтувчи UR-38 автомобиль йўлининг 1-километрида Пахтакор–Жиззах йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида транспорт воситасининг мотор қисмида ёнғин чиққан. Ҳайдовчининг ёнғинни мустақил ўчиришга бўлган ҳаракатлари фойда бермаган. Ёнғин ҳақида гувоҳлардан бири “101” қисқа рақами орқали хабар қилган.
Ҳодиса оқибатида автомашина тўлиқ ёниб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Жабрланганлар йўқ. Кўрилган моддий зарар миқдори тахминан 586 миллион сўмни ташкил этмоқда.








