АҚШда полиомиелит касаллиги аниқланди
У мамлакатда бир вақтлар энг хавфли кассалик ҳисобланган.

Америка Қўшма Штатларида полиомиелит билан касалланган бемор аниқланди. Бу ҳақда “Associated Press” нашри хабар бермоқда.
Бу деярли 10 йил ичида касалликнинг қайд этилган биринчи ҳолатидир. Касаллик аниқланган беморнинг аҳволи ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Полиомиелит АҚШда бир вақтлар энг хавфли касалликлардан бири бўлиб, ҳар йили унинг авж олиш натижасида минглаб фалаж ҳолатлари, айниқса, болалар орасида қайд этилган. Эмлаш 1950 йилларнинг ўрталарида бошланган. Натижада 1960 йилларга келиб, у деярли йўқ бўлиб кетган. 1979 йилда АҚШ расмий равишда полиомиелитдан холи бўлди. Бироқ вақти-вақти билан ушбу касаллик аниқланган.
Полиомиелит одамдан одамга ёки ифлосланган сув орқали юқади. Ушбу касаллик фақат икки давлатда, Афғонистон ва Покистонда сақланиб қолган. Аммо вақти-вақти билан Африка, Осиё ва Яқин Шарқнинг айрим мамлакатларида пайдо бўлади.








