“Марҳаматтумангаз” ходимлари 300 дан ортиқ газ баллонини ўзлаштириб юборди
Фуқаролар эҳтиёжи учун ажратилган баллонларнинг умумий қиймати 163, 8 млн сўм бўлган.

Марҳамат туманида суюлтирилган газ баллонларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Марҳамат туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда “Марҳаматтумангаз” газ таъминоти бўлими моддий жавобгар шахслари томонидан филиал балансида бўлган фуқароларнинг эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган жами 303 дона 163,8 млн сўмлик суюлтирилган газ баллонлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








