Тошкентда қурилиши битмаган ошхона ёниб кетди
ФВВ ҳодиса тафсилотларини маълум қилди.

Бугун, 22 июль куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги ошхоналардан бирида ёнғин юз берди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 18:21 да Чилонзор тумани “Яккатут” МФЙ Ал-Хоразмий кўчасида жойлашган қурилиши якунланмаган ошхонада ёнғин юзага келганлиги бўйича Тошкент шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 5 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 18:26 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 18:42 да қуршаб олинган ва соат 18:49 да бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида бинонинг 200 квадрат метр майдонда ички ва том қисми ёниб зарарланган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида бинонинг 600 квадрат метр майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш холатлари қайд этилмаган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.








