Украинага танкларга қарши ишлаб чиқилган самолёт берилиши мумкин
Пентагон бу масалани кўриб чиқмоқда.

АҚШ Украинага A-10 Warthog самолётларини беришни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда New York Times хабар берди.
Газета маълумотларига кўра, бу ҳар икки давлат манфаатларига мос келади. A-10 Warthog ҳужумкор самолёт ҳисобланиб, у “совуқ уруш” йилларида Совет танкларига қарши кураш мақсадида ишлаб чиқилган. Аммо унинг анча эскиргани сабабли Пентагон ушбу техникалардан “қутулиш” йўлларини қидирмоқда.
Шу билан бирга ҳарбийлар Конгрессдан бу масала юзасидан розилик ололмаяпти. Конгрессменлар ушбу самолётлар модернизацияси учун катта маблағ ажратишда давом этмоқда.
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари вазири Фрэнк Кендалл шу ҳафтада бир неча бор A-10 Warthog флотини Украинага бериш ҳақида гапирди. Ҳарбий-ҳаво кучлари бош штаби бошлиғи Чарльз Браун эса Киевга Ғарб самолётларини тақдим этилиши мумкинлигини маълум қилди.







