Бухорода 9 ойлик чақалоқ далага ташлаб кетилди
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида чақалоқ буғдойзорга ташлаб кетилгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати расмий изоҳ берди.
Аниқланишича, 22 июль куни соат 16:07 да вилоят ИИБнинг “102” рақамига Ғиждувон тумани “Кўлижаббор” МФЙ Кўҳна Найман қишлоғида жойлашган “Шукур Тўхта” фермер хўжалигининг дала майдони ёқасидаги (капа) шийпонда шахси аниқ бўлмаган тахминан 9 ойлик бола топиб олиниб, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Мазкур хабар Ғиждувон тумани ИИБ Навбатчилик қисмида қайд қилиниб, тезкор тергов гуруҳи томонидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилган ва кечиктириб бўлмас терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Ҳозирги кунда ушбу шахси аниқ бўлмаган тахминан 9 ойлик бола Ғиждувон туман тиббиёт бирлашмаси болаларни соғломлаштириш бўлимида шифокорлар назоратига олинган бўлиб, ҳолат юзасидан Ғиждувон туман Ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилмоқда.








