Қашқадарёлик эркак қайнсинглисини ўлдириб қўйди
У воқеадан олдин руҳий касалликлар шифохонасидан қочиб кетган.

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида 17 июль куни эркак ўз қайнсинглисини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда “Nasafnews” нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Қарши туманидаги “Кожор” МФЙда яшовчи, вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонасида ҳисобда турувчи М. П. ўз қайнсинглисини офтоба билан уриб, ўлдириб қўйган. Маҳалла раиси Алишер Эшназаровнинг айтишича, эркак воқеа содир бўлишидан аввал шифохонадан қочиб чиққан.
“Ўта тажовузкор руҳий касал қандай қилиб шифохонадан чиқиб кетгани, назоратсиз қолгани бўйича бизни эътирозларимиз бор. Асаб-руҳий касалликлар шифохонаси назоратни кучайтирмас экан бу каби жиноятлар яна қаердадир такрорланиши мумкин”, — деган раис.
Қўшимча қилинишича, руҳий касал эркак оиласидан аламзада бўлган. Аввал ҳам шифохонадан қочиб чиқиб, фарзандига жароҳат етказган. Раис вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси маъмурияти ва ходимларини бу каби беморларга қарашда эътиборсизлик қилаётганини, оқибатда беморлар тез-тез шифохонадан қочиб чиқаётганини, бу ҳолат жиддий ўрганилиши кераклигини алоҳида таъкидлаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган.








