Жиззахда Нексия уриб юбориши оқибатида 69 ёшли фуқаро вафот этди
Ҳайдовчи ҳодисадан сўнг воқеа жойидан қочиб кетган.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳайдовчи йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ҳодиса Ғаллаорол тумани “Мирзабулоқ” МФЙ ҳудудидан ўтган 4R-41 автомобиль йўлининг 1 километрида соат 22:40 атрофида содир бўлган. Тегишли идора ходимлари автоҳалокат жойига етиб боришганда жабрланувчи тан жароҳатлари оқибатида ҳаётдан кўз юмгани маълум бўлган.
Қидирув натижаларига кўра, йўл-транспорт ҳодисасини Зарбдор тумани “Нуробод” МФЙда яшовчи 23 ёшли Нексия ҳайдовчиси содир этгани аниқланган.
Aйни пайтда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








