Тошкентда мушук жасадлари ариққа ташлаб кетилгани айтилди
Шунингдек, Нукусда ит ва мушукларнинг ўлиги ноқонуний равишда кўмилгани аниқланди.

Кеча, 25 июль куни ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ариққа мушук ўликлари ташланганлиги бўйича материал эълон қилинганди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, аслида у қолдиқлар қўйларнинг қолдиқлари бўлиб, маҳалла фуқаролари томонидан сўйилиб, ариққа оқизиб юборилган.
Мазкур ҳолатдан хабар топилгач, туман ободонлаштириш бўлими ходимлари томонидан ариқ тозаланиб, фуқароларга бундай ҳолатни такрорламаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.
“Бундай ҳолатларнинг келиб чиқиши экология ва инсон саломатлигига зарар эканлигини инобатга олиб, фуқароларимиздан атроф-муҳит тозалигига беэътибор бўлмасликларини сўраб қоламиз”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, жорий йилнинг 20 июль куни “Дарё” интернет нашрида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри яқинидаги полигонда 100 дан ортиқ ит ва мушукларнинг жасади топилгани хабар қилинганди.
Мазкур ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилган ва Нукус шаҳри яқинида жойлашган маиший чиқиндилар полигонида ҳеч қандай ит ва мушукларнинг жасади йўқлиги маълум бўлган.
Таъкидланишича, ит ва мушукларнинг жасадлари Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари томонидан А-380 “Нукус–Тўрткўл” автомагистраль йўлининг ўнг томонида, аҳоли яшаш пунктидан тахминан 12-15 км. узоқликдаги белгиланмаган жойга ноқонуний равишда кўмиб ташланганлиги аниқланган.
“Ушбу ҳолат бўйича қонунга хилоф равишда иш тутган масъул шахслардан тушунтириш хатлари олинди, зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига тақдим этилди”, — дейилади хабарда.








