Тошкентда пичоқланган 4 нафар беморнинг аҳволи маълум қилинди
ССВга кўра, уларда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида эркак 4 нафар оила аъзоси — турмуш ўртоғи, қайнонаси, қайинсинглиси ва фарзандини пичоқлагани ҳақида хабар қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жароҳатланган беморларнинг аҳволи ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 21 июль куни соат 21.10 да Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига юқоридаги мудҳиш ҳодиса оқибатида жароҳат олган тўрт нафар бемор “Тез ёрдам” машинасида оғир аҳволда олиб келинган.
Ўта тезкорлик билан ўтказилган тиббий текширувлар натижасида биринчи бемор — 1994 йилда туғилган С. Д.га “Кўкрак ва қоринолди девори ўтувчи қўшма кесиб-санчилган яраси. Ўнг ўпка ва ингичка ичак жароҳати. Чап елка кесиб-санчилган кўплаб яралари...” ташхиси қўйилган.
Иккинчи бемор — 1965 йилда туғилган О.Л. “Чап кўкрак қафаси кесиб-санчилган яраси. Чап ўпка жароҳати. Кўкрак ўнг қафаси ўтмас кесиб-санчилган яраси. Пневмогемоторакс. Чап билак ва кафт кўплаб кесиб-санчилган яралари...” ташхиси билан шошилинч равишда жарроҳлик столига ётқизилган.
Учинчи бемор — 1990 йилда туғилган Х. Н. “Қоринолди девори ўтувчи кесиб-санчилган яраси. Жигар чап бўлаги ва ошқозоности бези жароҳати. Ўнг қўлтик соҳаси ўтмас кесиб-санчилган яраси...” диагнози билан операцияга олинган.
Тўртинчи бемор — етти ёшли М. А.да “Кўкрак ва қоринолди девори ўтувчи қўшма кесиб-санчилган яраси. Катта чарви эвентерацияси. Талоқ, ингичка ичак ва диафрагма жароҳати...” аниқланиб, унда болалар бўлимида жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бир пайтнинг ўзида тўртта тиббиёт бригадаси томонидан бажарилган. Амалиётдан сўнг улар реанимация бўлимига ётқизилган. 25 июлдан уларнинг барчаси хирургия бўлимига олинган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимовнинг маълум қилишича, айни пайтда тўрт нафар беморнинг ҳам аҳволи барқарор. Стабиллашган. Ижобий тарафга ўзгариш бор.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг ҳолатини назоратга олган. Беморларга марказнинг энг малакали мутахассислари томонидан стандарт асосида тегишли тиббий ёрдам кўрсатиляпти.








