Шавкат Мирзиёев Туркия ички ишлар вазирини қабул қилди
Учрашувда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 28 июль куни амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлуни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Учрашув аввалида вазир Сулаймон Сойлу Ўзбекистон раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Туркия томони саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш ва хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида тизимли идоралараро шерикликни йўлга қўйишга тайёр экани қайд этилган.
Суҳбатда фаол мулоқотларни, ахборот алмашишни ва илғор тажрибани ўрганишни давом эттириш, уюшган, шу жумладан кибермакондаги жиноятчилик, терроризм, диний экстремизм, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.








