Қашқадарёдаги боғчада 8 ёшли қиз вафот этди
Ҳодисага боланинг кўп қон йўқотиши сабаб бўлган.

Кеча, 28 июль куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги боғчада қизча кўп қон йўқотиши оқибатида вафот этди. Ҳолат юзасидан вилоят вилоят мактабгача таълим бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, 28 июль куни Шаҳрисабз шаҳар Мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 1-Давлат мактабгача таълим ташкилотида мазкур мактабгача таълим ташкилотида қатнамайдиган 2014 йилда туғилган С. Х. синглиси А. Х. билан биргаликда боғчага келган.
Тайёрлов гуруҳ тарбиячиси С. Ж. С. Х. ҳамда А. Х.нинг онасини илтимосига кўра, қонунга зид равишда С. Х. ни синглиси билан боғчада қолишига рухсат берган.
Тушлик пайтида опа – сингил С.Х. ва А.Х. ташкилот ҳожатхонасига чиқишган. Опаси ҳожатхона ичкарисига кирган пайтда синглиси ташқаридан ҳожатхона эшикни очиб-ёпиб ўйнаган. Натижада ҳожатхона эшигининг ойнаси синиб, шиша бўлаклари С. Х.ни жиддий жароҳатлаган.
Воқеа жойида ташкилот ҳамшираси томонидан тезда биринчи ёрдам кўрсатилган. Бироқт С. Х.нинг жароҳати чуқурлиги сабаб, кўп қон йўқотиш натижасида вафот этган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси ўрганиш олиб бормоқда.








