Бўстонлиқда 680 минг долларлик жиноят фош бўлди
У ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида яшовчи 1959 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган ва бошқа бир фуқарога иссиқхона ташкил этиш учун ажратилган 2 гектар суғориладиган ер майдонини ҳокимият тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб, у ерда ишлаб чиқариш цехи қуриш учун рухсат олиб бериш эвазига 500 минг АҚШ доллари талаб қилади. У сўралган пулнинг 50 минг долларини олдиндан олган вақтида ушланган.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 1990 йилда туғилган шахс бошқа бир фуқарога тегишли фермер хўжалигига боғдорчилик учун 49 йил муддатга ажратилган 35 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали аукцион савдоларига чиқармасдан харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 350 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 40 минг доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкент шаҳрида яшовчи 1992 йилда туғилган шахс ҳам ўзганинг ишончига кириб, Бўстонлиқ туманидаги маҳаллий МЧЖга тегишли 3 гектар ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 680 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланган.
Бу йўналишда ДХХнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Хусусан, Шароф Рашидов туманидаги пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари мазкур хўжаликнинг 5 гектар сувли ер майдонини 200 млн сўмга сотмоқчи бўлган ва туман қишлоқ хўжалиги бўлимида ишловчи танишлари орқали ернинг тегишли ҳужжатларини харидор номига расмийлаштириб беришни режа қилган. У сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Андижон шаҳрида ва Олтинкўл туманида яшовчи муқаддам судланган 3 нафар шахс ҳам ўзаро тил бириктириб, мансабдор танишлари орқали Олтинкўл туманидаги кичик саноат зонаси ҳудудидан 4,5 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 36 минг АҚШ доллари талаб қилган. Улардан бири сўралган пул маблағидан 10 минг 700 АҚШ доллар олган вақтида ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда департамент хдимлари томонидан ушланган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг 2 нафар шериги ҳам қўлга олинган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








